TEATR
» » Турғун Азизов
» » Турғун Азизов

    Турғун Азизов


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

        Таниқли театр ва кино актёри, режиссёр ва педагог, профессор Турғун Азизов 1934 йилда Тошкентда туғилган. У 1956 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (хозирги М.Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институти) нинг актёрлик бўлимини истеъдодли режиссёр Тошхўжа Хўжаев устахонасида тугатган. Турғун Азизов талабалик йилларидаёқ ўзига топширилган ҳар бир роль ижросига алоҳида ихлос ва меҳр билан ёндошар эди. Шу сабабли талабалар саҳнасида қўйилган спектаклларда — А.Чеховнинг "Ваня тоға"сида Ваня тоға, Ф.Шиллернинг "Макр ва муҳаббат"ида Фердинанд каби бош ролларни ижро этиб, жамоатчилик назарига тушади. Шунда уни устози Т.Хўжаев ўзи бошчилик қилаётган Ҳамза номидаги (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга таклиф этади. Ўшандан бери 40 йилдан зиёдроқ давр мобайнида у академик театрнинг етакчи актёрларидан бири сифатида қизғин фаолият кўрсатиб келмоқда. Болалик йиллариданоқ театр санъатига қизиқиш, талантли режиссёр Тошхўжа Хўжаев қўлида таҳсил олиш, отахон театрда Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Сайфи Олимов, Саъдихон Табибуллаев, Олим Хўжаев, Ғани Аъзамов, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Замира Ҳидоятова каби маҳшур санъаткорлар билан ёнма-ён ишлаб, актёрлик санъати сирларини чуқур идрок этиб, доимо ўз устида ишлаш Турғун Азизовнинг етук актёр бўлиб етишишида муҳим ахамиятга эга бўлди.
       Турғун Азизов театрга келибдики, етакчи қахрамон ролларини ижро этади. У ўйнаган Ғофур (Ҳамза, Бой ила хизматчи"), Йўлчи (Ойбек, "Қутлуғ қон"), Илёс (Ч.Айтматов, "Сарвиқомат Дилбарим"), Сайрам (Ширвонзода, "Номус"), Ниёз (И.Султон, "Номаълум киши"), Монсерра (Э.Роблес, "Монсерра"), Эйдзи (М.Каору, "Ўғирланган умр"), Протасов (Л.Толстой, "Тирик мурда"), Эдмунд (В.Шекспир, "Қирол Лир"), Отелло ("Отелло"), Мирзо Улуғбек (М.Шайхзода, "Мирзо Улуғбек"), Шаҳар ҳокими (Н.Гоголь, "Ревизор"), Амир Олимхон (К.Яшин, "Инқилоб тонги"), Ҳусайн Бойқаро (Уйғун ва И.Султон, "Алишер Навоий") каби образлар ўзининг ўтли юраги, романтик эҳтироси, кечинмаларидаги чуқур психологизм билан театримиз тарихидан мустаҳкам ўрин олган.
        "Актёрнинг ўз интилган чўқиси бўлади. Мен интилган чўқиллар Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳоновлардир", — дейди Турғун Азизов. Икки буюк актёр яратган машҳур Отелло ва Мирзо Улуғбек образларини қайтадан саҳнада жонлантириш Турғун Азизовга насиб этди. Бу санъаткор учун катта жасорат ва ўзига хос имтиҳон эди. Аброр Ҳидоятовнинг Отелло ролини жаҳон томошабини, санъат мутахассислари тан олган. Шунинг учун ҳам Турғун Азизов Отеллони бутунлай бошқача талқин этишга ҳаракат қилди. У асосан, Отеллонинг ички психологиясига, руҳий ҳолатига кўпро эътибор қаратади. М.Шайхзоданинг "Мирзо Улуғбек" асаридаги Мирзо Улуғбек ролини ижро этганда ҳам Турғун Азизов ўз услуби, ўз йўлидан борди. Чунки Отеллони ҳам, Улуғбекни ҳам у янгича талқин билан ижро этмай, Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳоновларни такрорлаганида бу роллар кўнгилдагидек чиқмас эди.
        Турғун Азизов кино санъатида ҳам фаол иштирок этиб, ўттиздан ортиқ фильмларда суратга тушди. 1956 йилдан бери дубляжда қатнашиб келмоқда. Кинорежиссёр Латиф Файзиев 1955—1956 йилларда Турғун Азизовни кинога таклиф этади. Шундан кейин у Йўлдош Аъзамовнинг "Мафтунингман" фильмида Бакир Назаров, Комил Ёрматовнинг "Нодирабегим" фильмида Амир Насрулло образларини яратади. Шунингдек, Турғун Азизов Шурҳат Аббосов, Дамир Салимов, Али Ҳамроевлар суратга олган фильмларда ҳам роллар ижро этади ва муваффақиятга эришади.
        Ўзбекистон телевидениесининг қатор телеспектаклларида, радиодан янграган спектаклларда ҳам актёр кўплаб ажойиб роллар ижро этган. У кино, театр, радио ва телевидениеда фаол қатнашиб санъатда етукликка эришгандан кейингина жуда мураккаб ва масъулиятли соҳа — театр режиссурасида ўзини синаб кўрди. Чунки режиссёрда кенг дунёқараш, ролни тўғри тақсимлаш, мусиқа тинглаш, сўз устида ишлаш, саҳна асарини томошабинга тўлақонли етказиб бериш хислатлари мужассам бўлиши шарт. Ана шу хислатлар Турғун Азизовда тўла жамулжам бўлганидан кейингина у ўзининг қадрдон театри саҳнасида "Алишер Навоий", "Мирзо Улуғбек" каби машур асарларнинг янги талқинларини яратди. Сўнгра А.Қодирийнинг "Меҳробдан чаён", Эркин Хушвақтовнинг "Чимилдиқ", "Машраб", А.Касонанинг "Етти фарёд" каби асарларини саҳналаштирди. Бу спектакллар жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди. "Чимилдиқ" постановкаси эса ўзбек халқининг энг севимли спектакллари қаторидан ўрин олди.
        Турғун Азизов 1980 йилдан бошлаб асосий ишидан ажралмаган ҳолда Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтида ҳам педагогик фаолият олиб бормоқда. У "Драма ва кино актёрлиги ҳамда режиссёрлиги маҳорати" кафедрасининг мудири вазифасида ишлаб, ўзбек театр ва кино санъати учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашдек шарафли ишда самарали меҳнат қилмоқда.
        Профессор Турғун Азизов қўлида таълим-тарбия олган Мирза Холмедов, Мадина Мухторова, Абдурайим Абдуваҳобов, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Равшан Жўраев каби собиқ талабалар бугунги кунда театр санъатида ўз ўринларига эга бўлдилар.
        Турғун Азизовнинг серқирра ва сермазмун ижоди муносиб тақдирланди: 1975 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. Кейинчалик у Давлат мукофоти совриндори бўлди. 2001 йилда "Менат шуҳрати" ордени билан мукофотланди.