TEATR
» » ТУРГУН ХОНТЎРАЕВ
» » ТУРГУН ХОНТЎРАЕВ

    ТУРГУН ХОНТЎРАЕВ


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
    (1935)

     Турғун Хонтўраев 1935 йилда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилган. 1957 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатган. У 1954 йилдан бошлаб кўп йил мобайнида Ҳамза номли Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) ака¬демик драма театрда ишлаб, юздан ортиқ катта-кичик ролларни ўйнади. Ойбекнинг "Қутлуғ қон" асаридаги полициячи эпизодик образи актёрнинг театрдаги дастлабки роли бўлди. Кейинчалик, у колхозчи йигит (О.Ёқубов, "Чин муҳаббат", 1955), Идрис (М.Диб, "Жазоир — менинг Ватаним", 1957), Гўрков (В.Шекспир, "Ҳамлет", 1958), Сайёр (О.Ёқубов, "Юрак ёнмоғи керак", 1958), Стратон (Шекспир, "Юлий Цезарь", 1958), Миллер (Ф.Шиллер, "Макр ва муҳаббат", 1959), Шокирбой (Б.Авазов, "Фурқат", 1959), Боқижон (Р.Бобожон, "Тоға-жиянлар", 1959), Сейдизо (М.Каору, "Ўғирланган умр", 1965), Сайфиқори (Ф.Мусажонов, "Оқ кабутар", 1967), Жамол ота (АҚаҳҳор, "Аяжонларим", 1967), Приходка (Л.Шейн, "Мудҳиш айбнома", 1967), Қози домла (Ҳамза, "Бой ила хизматчи", 1968), Бобо Кайфий (М.Шай¬хзода, "Мирзо Улуғбек" 1969), Левшин (М.Горький, "Душманлар", 1968), Ҳазрат ("К.Яшин, "Йўлчи юлдуз", 1970), Маймандий (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний", 1973), Мусулмонқул (И.Султон, "Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари", 1988) ва бошқа образларни яратди. Т.Хонтўраев ўз ижодини аввал кичик ролларни ўйнашдан бошлади. Актёр учун ролнинг катта-кичиги бўлмаганини сезган Т.Хонтўраев шу кичик ролларни ҳам маромига етказиб ўйнади. Унинг талқинидаги "Қутлуғ қон" спектаклидаги по¬лициячи, "Чин муҳаббат"даги колхозчи йигит образлари ҳам ўзига хос маъно ва мантиқ касб этган. Гўрков (Шекспир, "Ҳамлет") образи эса унинг ижодида ўзига хос бир қадам бўлди. Актёр бу кичик образда улкан бадиий-фалсафий умулашмаларни мужассам эта олди. Санъаткор устозлардан ўрганиш, ўз устида тинмай ишлаш натижасида ролдан ролга ўсиб борди. "Мирзо Улуғбек"даги Бобо Кайфий, "Абу Райҳон Беруний"даги Маймандий, "Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари"даги Мусулмонқул унинг ижодий балоғатидан ёрқин нишона эди. Т.Хонтўраев театрда шундай ўсиш-улғайиш йўлини босиб ўтди. Т.Хонтўраев Ўзбекистон радиоси ва телевидениесида тайёрланган қатор радиоспектакллар, телеспектакллар, видеофильмларда ҳам роллар ижро этди. Улар актёр ижодининг каттагина қисмини ташкил қилади. У "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олинган қатор фильмларда роллар ижро этди. Кўплаб фильмларни дубляж қилишда фаол қатнашди. Т.Хонтўраевга 1988 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фах¬рий унвони берилди.