TEATR
» » ШИРИН АЗИЗОВА
» » ШИРИН АЗИЗОВА

    ШИРИН АЗИЗОВА


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
    (1940)

     Актриса Ширин Азизова 1940 йилда Бухоро вилоятининг Ғиждувон шаҳрида туғилган. 1961 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг "Драма ва кино актёри" факультетини тугатган. Ширин Азизова институт йўлланмаси билан А.Навоий номли Наманган музикали драма театрида ўз меҳнат фаолиятини бошлаб, 1961—1964 йиллар мобайнида театрда саҳналаштирилган спектаклларда Холисхон (Ҳамза, "Холисхон"), Раҳима (А.Қаҳҳор, "Тобутдан товуш") каби ролларни ижро этади. Актриса 1968 йилдан Тошкентдаги Аброр Ҳидоятов номли театрда фаолиятини давом эттириб, ушбу театрда илк бор саҳнага қўйилган М.Каримовнинг "Дийдор" спектаклида Зилола ролини ўйнайди. Кейинчалик Нози (М.Бойжиев, "Баҳс"), Мадина (М.Бойжиев, "Ҳар хонадонда байрам"), Майсара (Ҳамза, "Майсаранинг иши"), Сора (Ҳамза, "Ишқ қурбонлари") каби ролларни маромига етказиб ижро этиб, театрда ўз ижодий қиёфасига эга бўлади. Кўпчиликнинг назарига тушади. Ана шу ижодий жараёндан муваффақиятли ўтган актриса 1987 йилда Ҳамза номли Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга ўтиб, шу кунгача театр ижодий жамоасида фаол меҳнат қилмоқда. Ширин Азизованинг шу театр саҳнасида яратган Ўзбекойим (И.Султон, "Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари"), Аёл (Ф.Мусажонов, "Нажот истаб"), Малика (Ҳ.Муҳаммад, "Хотинлар гапидан чиққан ҳангома"), Жаннатхон (И.Содиқов, "Афандининг беш хотини") каби бақувват ва жонли образ¬лари катта эътиборга моликдир. 1997—1998 йилларда кинорежиссёр М.Абзалов Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романи асосида "Ўтган кунлар" бадиий фильмини суратга олади ва фильмдаги Жаннат ролига Ширин Азизовани таклиф этади. Актриса "Бомба" фильмида Назокатхон, "Аёл зоти" телесериалида Мунаввархон ролларини муваффақиятли ижро этади. Ширин Азизова умр йўлдоши истеъдодли театр ва кино актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўғон Режа¬метов билан бирга яшащди, бирга ижод этишди, образлар яратишди. Ажойиб фарзандларни тарбиялаб вояга етказишди. Улар ота-оналари изидан бориб, актёрлик касбини танладилар. Зуҳриддин Режаметов — "Ўзбекфильм"да киноактёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистка Фотима Режаметова ва Ҳусан Режаметовлар Республика ёшлар театрининг актёрлари сифатида фаолият кўрсатмоқдалар. Ширин Азизованинг ижоди муносиб тақдирланди. Унга 1988 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилган.