TEATR
» » ХАЙРУЛЛА САЪДИЕВ
» » ХАЙРУЛЛА САЪДИЕВ

    ХАЙРУЛЛА САЪДИЕВ


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
    (1940
    )

     Хайрулла Саъдиев 1940 йилда Тошкентда туғилган. 1963 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги М.Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институти)ни тугатади. X.Саъдиев аввал Ҳамза театри¬да Зуҳур Қобулов қўйган "Булутлар тарқаганда" спектаклида қатнашади. Бироқ, Тошхўжа Хўжаев "Йигит, сиз асли ёш томошабинлар театрига моссиз. Адашманг", —деб унга маслаҳат беради. Шундан кейин у йўлланма билан Й.Охунбобоев номи¬даги Ёш томошабинлар театрига ишга келади. Институтда устозлари Назира Алиева, Тошхўжа Хўжаевлардан таҳсил олгани, ёш томошабинлар театрида Иброҳим Аредов, Афандихон Исмоилов, Воҳид Қодиров, Обид Толипов каби саҳна усталаридан актёрлик санъати сирларини ўргангани унинг театрда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этди. Аввал у театрда И.Аҳмедов саҳналаштирган Латиф Маҳмудовнинг "Али ва Вали" спектаклида қатнашди. Х.Саъдиев меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги билан театр ижодий жамоасида ўз ўрнини топади, кўпчилик спектакл¬ларда асосий ролларни ўйнаб, томошабинлар назарига ҳам тушади. Манка ("Пиёзчаларнинг ўғирланиши"), Климка ("Пўлат қандай тобланди"), Пўлат ("Ким айбдор"), Миша Дадонов ("Тошкент—нон шаҳри"), Олег Кошевой ("Ёш гвар¬дия"), Шум бола ("Шум бола"), Хлестаков ("Ревизор") ва бошқа образлар етук маҳорат ва ижодий кўтаринкилик билан ижро этилди ва актёрга чинакам шуҳрат келтирди. Хусусан, Х.Саъдиевни кенг жамоатчиликка яқиндан танитган Ғ.Ғуломнинг "Шум бола" асари асосида саҳнага кўйилган шу номли спектаклдаги Шум бола образи бўлди. Кейинчалик бу қисса телевидениеда ҳам саҳналаштирилади. Асар миллийлиги ва самимийлиги билан дарҳол эътиборни тортади, тилга тушади. Бунда, албатта Шум бола образини моҳирона ижро этган Х.Саъдиевнинг ҳиссаси катта эди. Бу ҳақда актёрнинг ўзи, "Шум бола кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди. Халқ орасида танитди", — деб эътироф этиши бежиз эмас. Х.Саъдиев ёш томошабинлар театрида ишлаган даврларидаёқ ўз ижодий қиёфасига ва услубига эга бўлди. Ҳажвий образларнинг моҳир устаси сифатида томошабинларга танилди. У бу театрда ўн йилдан ортиқ муддат ишлаб, актёрлик маҳорати ўсиб, ижоди шаклланган бир пайтда, уни 1986 йилда янги ташкил этилган А.Қаҳҳор номидаги республика Сатира театрига ишга таклиф этадилар. Х.Саъдиевнинг Сатира театрида яратган ёрқин ҳажвий образлари кулгисевар томошабинларнинг таҳсини ва олқишларига сазовор бўлди. Бу театрда ҳам актёр ўз томошабинини топди. Унинг ўз устида тинмай ишлаши, ижодий изланиши ролдан ролга ўсишига замин ҳозирлади, актёрлик маҳоратининг янги-янги қирраларини намоён этди. Актёр ўзининг чуқур мазмунли, теран ва бетакрор образлари билан театр репертуарини бойитди. Улар фақат ўзбек томошабинигагина эмас, балки қўшни республикалар томошабинларига ҳам манзур бўлди. Юсуф ("Тобутдан товуш"), Чол ("Армон"), Ошпаз ("Қовурилган ўрдак парвози"), Учариддин ("Сабил қолди"), Насриддин ("Гап эгасини топади", мусиқий сатирик томоша), Бемор ("Хандамиз сизга, дўстлар"), Насриддин ("Кулган етар муродга"), Шодиқул ("Бувам уйландилар") ва бошқалар шундай образлардандир. X. Саъдиев кино санъатида ҳам фаол иштирок этди. Унинг ижросидаги Жингалак ("Ой бориб, омон қайт"), Новвой ("Семурғ"), Мамат ("Шиддат"), Анвар ("Чинор"), Хайрулла ("Тўйлар муборак"), Масхарабоз ("Маҳмуд паҳлавон"), Эртакчи ("Акмалнинг саргузаштлари"), Хайрулла ("Марҳумнинг хотираси") каби ролларни ҳам кино мухлислари илиқ кутиб олди. Бундан ташқари "Наштар" киножурналида қатнашиб, бир қатор пухта образлар яратди. Икки юзга яқин фильмларнинг дубляжида иштирок этди. Шунингдек, унинг Ўзбекистон телевидениесида ва радиосида яратган образларини ҳам ижобий баҳолаш мумкин. Хайрулла Саъдиев 1990 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" унвонига сазовор бўлди.