TEATR
» » ОЙДИН НОРБОЕВА
» » ОЙДИН НОРБОЕВА

    ОЙДИН НОРБОЕВА


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

     Ойдин Норбоева 1944 йилда Тошкентда туғилган. 1964 йили А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатгач, узоқ йиллар Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида етакчи актриса сифатида фаолият кўрсатди, театр репертуаридаги ўнлаб муҳим спектаклларда бош ролларни ижро этди. Улар орасидаги Гули (Уйғун ва И.Султон, "Алишер Навоий"), Дездемона (Шекспир, "Отелло"), Озода (Иззат Султон, "Имон"), Турғуной ("Номаълум киши"), Ақиқа (Сарвар Азимов, "Қонли сароб") образларини алоҳида таъкидлаш жоиздир. Бу ролларнинг кўпчилигини отахон театрнинг устоз ва етакчи актрисалари ижро этишган. Аммо Ойдин Норбоева уларга тақлид қилмади. Ҳар бир актёр ўзига хос характерли роллар ярата олмас экан, унинг келажаги нурли бўлмаслигини чуқур англаган актриса ўз йўлидан борди. Шунинг учун ҳам Ойдин Норбоеванинг Гулиси, Дездемонаси, Ақиқаси, Турғунойи ва Озодаси бор деб айтилса ҳеч муболаға эмас. Драматург И.Султоннинг "Номаълум киши" асаридаги Турғуной разил замонанинг қора қуюни натижасида ёшлигида онасидан етим қолган, бевафо ота эса уни ташлаб кетган. Хуллас, унинг ўтмиши аянчли. У бобоси қўлида тарбияланади, ўсиб-улғаяди, ҳаётда ўз йўлини топади. Турғуной Ниёзни чин юрақдан, бутун вужуди билан севади. Меҳнаткаш омма озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилишга тайёр турган мард, баҳодир инсонни севиш, унга кўмак бериш Турғуной учун катта бахтдир. Ойдин Норбоева Турғунойдаги чуқур ақл-заковатни, хотин-қизлар эрки ва озодлиги йўлида шум тақдирга қарши жон-жаҳди билан курашиш ҳиссини, Ниёзга нисбатан чин муҳаббатни катта романтик кўтаринкилик ва нафис лиризм билан акс эттирган. Актриса "Алишер Навоий" спектаклида Гулининг шоирга чин, самимий севгисини, "Имон"да ҳаёт ва табиат гўзаллигидан маст бўлган Озоданинг романтик орзуларини намоён этган бўлса, "Қони сароб"да Ақиқанинг ўз Ватанини ташлаб кетган ватангадолар даврасида қадр-қиммати оёқ ости қилинганини, унинг маънавий фожиасини ҳаётий ва сами¬мий тарзда намойиш этади. Айниқса, О.Норбоеванинг актри¬са сифатида ўзига хос овози, юз ифодаси, маънавий маданияти шу роль ижросида жуда аниқ кўзга ташланди. Шунинг учун Ақиқа— Ойдин Норбоева ижодининг чўққиси, унинг Ҳамза театрида яратган энг сара образларидан бири бўлиб қолди, унга катта шуҳрат келтирди. Ҳамза театри артистлари орасида Марям Ёқубовадан кейин М.Горький номидаги рус драма ва комедия театрига ишга ўтиб, бу даргоҳда ҳам бетакрор образлар яратган актри¬са Ойдин Норбоева бўлди. У рус классиклари ва замонавий драматургларнинг асарлари асосида саҳналаштирилган спек¬таклларда бош ролларни ижро этиб, рус томошабинларининг ҳам ҳурматига, эътиборига сазовор бўлди. Ойдин Норбоева1964 йилдан бошлаб кинода ҳам қатнашиб, кўпчилик бадиий фильмларда асосий ролларни ижро этди. "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олинган "Сурайё"даги Сурайё, "Фидоий"даги Замира, "Уйғониш"даги Хадича, "26-си отилмасин"даги Надя, "Сен менинг қўшиғимсан"даги Комила, "Қалб амри билан"даги Хайри, "Тожикфильм" киностудиясида суратга олинган "Рустам ҳақида достон", "Рустам ва Суҳроб" бадиий фильмлардаги Тахмина каби об¬разлар Ойдин Норбоеванинг кино санъатида эришган жиддий ютуғи бўлди. У дубляжда ҳам фаол қатнашиб, кўплаб фильмларга овоз берди. Шу ўринда унинг Ўзбекистон телевидениеси орқали кўрсатилган телефильм ва видеофильмларда, республика радиосида тайёрланган радиоспектаклларда ижро этган ролларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Ойдин Норбоеванинг театр санъа¬ти равнақидаги хизматлари муносиб тақдирланди. Актриса "Ўзбекистон халқ артисти" унвони, Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.