TEATR
» » Саидкомил Умаров
» » Саидкомил Умаров

    Саидкомил Умаров


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

        1946 йил 2 ноябрда Тошкентда туғилган. 1969 йилда «Ўзбекфильм» қошидаги театр студиясини, 1971 йилда Тошкент Давлат санъат институтининг «Театр ва кино актёри» факультетини тугатган.
        Саидкомил Умаровнинг ижоди талабалик йилларидаёқ бошланган эди. Ҳ.Файзиевнинг «Ой бориб, омон қайт» (1969) бадиий фильмидаги Элмурод у яратган дастлабки образ бўлди. Саидкомил Умаров институтни битириши биланоқ Олим Хўжаев таклифига биноан Ҳамза театрига актёр сифатида ишга қабул қилинди ва ўттиз йилдан бери шу ижодий жамоада меҳнат қилмоқда.
        Бу даврда у Карл Моор (Шиллер, «Қароқчилар»), Абдураҳмон (М.Авезов, «Абай»), Розий (Уйғун, «Зебуннисо»), Кассио (Шекспир, «Отелло»), Мансур (Иброҳимбеков, «Кўк эшик ортидаги аёл»), Одамшоҳ (М.Карим, «Оловни ташлама, Прометей»), Қобил (С.Имомов, «Шайтон ва фаришта»), Улфатсарой (Фитрат, «Абулфайзхон»), Маҳмудхон (П.Қодиров, «Юлдузли тунлар»), Ташрифчи (Дроздов, «Сўнгги қабул»), Куёв (У.Назаров, «Ойна»), Моний (А.Навоий, «Сабъаи сайёр»), Қалли (Мукеев, «Ҳаётдан тўйган тун») каби образларни яратди. Кинода эса Миркомил Миршаропов (К.Ёрматов, «Узоқ ва яқин йиллар»). Ғофуров (Ройзман, «Пароль—Отель Регина»), Султонов («Оно» "Грузияфильм"), Маҳмуд Қошғарий (А.Қосимов, «Йўл бўлсин», «Ўзбектелефильм»), Қозикалон («Лафз») каби ролларни ижро этди.
        Саидкомил Умаровнинг кенг томошабинлар оммасига яқиндан танилишида телевидениенинг роли бениҳоя катта бўлди. У Ўзбекистон телевидениесида суратга олинган қатор телеспектакль, видеофильм ва телевизион фильмларда роллар ижро этиб, ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борди. Алишер Навоий (Ойбек, «Гули ва Навоий»), Меъмор Фазлиддин (П.Қодиров, «Бобур»), Мирёқуб (Чўлпон, «Кеча ва кундуз»), Бош врач (М.Исмоил, «Янги ой чиққан кеча»), Гаспринский (Бақо Содиқов, «Фидойилар»), Абдушукур (Ойбек, М.Маҳкамов, «Қутлуғ қон») ва кўп сериялик "Муаллим" видеофильмида Муаллим, «Дунёнинг ишлари» (Ў.Ҳошимов) видеофильмида Муаллиф ролларини қиёмига етказиб ижро этди.
        Республика радиосида магнит тасмаларига туширилган радиоспектаклларда фаол қатнашди. Саидкомил Умаров Миллий театрнинг етакчи актёрларидан. Унинг хар бир ўйнаган роли театр жамоаси ва томошабинлар томонидан юксак бахоланади.
        Саидкомил Умаровнинг ижодий меҳнати муносиб баҳоланди. У 2000 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирланди.