TEATR
» » Теша Мўминов
» » Теша Мўминов

    Теша Мўминов


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ 

        Теша Мўминов 24 ноябрь 1949 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Теша Мўминов замонавий ўзбек театрнинг эл аро шухрат топган намоёндаларидан бири – атоқли санъаткор. Унинг яратган кўплаб роллари санъатимиз тарихидан мустахкам ўрин олган. Теша Мўминов 1970 йили Ўзбекистон Давлат Санъат институтини тугатди. Миллий театр жамоасига талабалигиданоқ жалб этилди ва хозиргача шу театр сахнасида самарали ижод қилиб келмоқда. Теша Мўминовни А.Дюманинг "Ажал минораси”даги Орсиний сахнадаги энг илк йирик образидир.
        Театршунослар унинг бу ролиданоқ ўзбек театр сахнасида ўзига хос истеъдод пайдо бўлганини эътироф этишган эди. Шундан сўнг актёр бирин-кетин бу кунда мумтоз деб тан олинган образларни ярата бошлади. Мустай Каримнинг "Ой тутилган тунда” асарида Девона, Хамзанинг "Бой ила хизматчи”сида Ғофур, Шекспирнинг "Кариолан”ида Кариолан, Т.Юнуснинг "Қор одам воқеаси”да Қор одам, С.Имомовнинг "Шайтон ва фаришта”сида Шайтон, Х.Расулнинг "Пири коиот”ида Шох Маъмун, Шиллернинг "Қароқчилар”ида Шпигнлберг, Гримм, Шайхзоданинг "Мирзо Улуғбек”ида Шайхзода, Уйғун ва И.Султоннинг "Алишер Навоий”сида Турдивой, А.Ориповнинг "Сохибқирон”ида Амир Темур, У.Азимнинг "Бир қадам йўл”ида Жўра каби роллари билан хақли равишда томошабин мехру мухаббатини қозонди. Баравж ғайрату шижоат, улкан эхтирос, юқори ижрочилик махорати, табиийлик, нутқ ижросининг сержилолиги кўпқиррали актёр ижодининг доимий сифатларидир.
        Теша Мўминов кинода, видео ва телевизион фильмларда хам ўзига хос эсда қоларли образлар яратди. "Келинлар қўзғалони”да Комил, "Ўтган кунларда” Қушбеги, "Ёлғиз ёдгорим”да раис, "Қутлуғ қон”да Йўлчи, "Қиролнинг дилхуши”да Салтабадил, "Нур борки соя бор”да Шерзод Самандаров ва бошқа роллари кўп сонли томошабинлар орасида шухрат топди. Санъаткор жаъми юздан ортиқ ролларни ижро этди.
        Теша Мўминов дубляж санъатида хам ижод қилади. У мамлакатимиздаги тантаналар ва байрамларнинг фаол иштирокчиси. Театр жамоаси орасида обрў-эътибори баланд. Кўплаб учрашувлар ва гастролларда беминнат хизмати туфайли томошабинларнинг олқишига ва иззат-хурматига сазовор бўлган. Шунинг билан бирга у камтарин. Оиласига, дўстларига мехрибон. Эл-юрт манфаатларини ўйлайдиган инсон.
        Теша Мўминов актёр деган юксак касбни буюк тақдир дея билган, уни авайлаб-асрайдиган санъаткор. Теша Мўминовни мехнатларини қадрлаб унга 1992 йили "Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони берилди.