TEATR
» » Рихси Иброҳимова
» » Рихси Иброҳимова

    Рихси Иброҳимова


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

        Истеъдодли театр актрисаси Рихси Иброҳимова 1937 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1959 йилда А.Н.Островский номидаги театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатган. Рихси Иброҳимова актёрлик фаолиятини талабалик даврида 1956 йилда Ҳамза номли Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида бошлаган. 1957 йилда театрда Тошхўжа Хўжаев томонидан К.Яшиннинг "Йўлчи юлдуз" драмаси саҳналаштирилади. Спектаклдаги бош роллардан бири — Гуласал ёш актриса Рихси Иброҳимовага топширилади. Бу асарда Рихси Иброҳимова бойнинг хотини гўзал Гуласалнинг оғир қисматини етук истеъдод ва катта куч билан гавдалантиради ва назарга тушади. Ушбу роли учун актриса 1957 йилда Москвада бўлиб ўтган Ёшлар фестивалининг совринига сазовор бўлади.
        Шундан бери у муттасил ижодий меҳнат қилишда давом этиб, талай мукаммал ва пухта образлар яратди. У яратган Озода (И.Султон, А.Қобулов, "Имон", 1960), Феруза (М.Шайхзода, А.Гинзбург, "Мирзо Улуғбек", 1962), Гули (Уйғун, Т.Хўжаев, "Алишер Навоий" 1962), Офелия (В.Шекспир, И.Ладигин, "Ҳамлет", 1964), Тиэ (М.Каору, Т.Хўжаев, "Ўғирланган умр"), Корделия (В.Шекспир, H.JIaдигин, "Қирол Лир", 1966), Жамила (Ҳамза, Т.Хўжаев, "Бой ила хизматчи", 1968), Дилором (Э.Воҳидов, Т.Хўжаев, "Олтин девор", 1970), Назокат (Уйғун, Ш.Қаюмов, "Парвона", 1971), Сайёра (Уйғун, О.Хўжаев, Б.Йўлдошев "Абу Райҳон Беруний", 1973), Нелли (В.Дальмор, Б.Йўлдошев, "Ғариблар", 1977), Санобар (Ў.Ўмарбеков, Р.Ҳамидов, "Шошма, қуёш",1978), Эмилия (В.Шекспир, Е.Симонов, "Отел¬ло", 1984), Назми (С.Аҳмад, Р.Ҳамидов, Куёв", 1985), Ойзода (Чингиз Айтматов, Р.Ҳамидов, "Асрга татигулик кун", 1986), Ойша Содиқова (О.Жаҳонова, Р.Хамидов, "Ҳазрати аёл",1987), Ойсара Аҳадова (Туфон Минулин, "Алла", 1991), Гавҳаршодбегим (М.Шайхзода, Т.Азизов "Мирзо Улуғбек", 1990) каби образлар фақат актриса ижодидагина эмас, балки 50—60 йилларда Ҳамза театрида камолга етган истеъдодли санъаткорлар қиёфасини белгилащда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
        Таниқли санъаткор Сора Эшонтўраеванинг Ҳамза театри саҳнасида яратган образларини Рихси Иброҳимова 60—80 йилларда ўзига хос услуб, йўналиш ва талқинда саҳнада қайтадан гавдалантира олди ва ўз устозига муносиб шогирд бўлиб қолди. Гули, Офелия, Жамила ва бошқа элга машҳур образларни тилга олганимизда кўз олдимизда фақат Сора Эшонтўраевагина эмас, балки унинг шогирди Рихси Иброҳимова ҳам намоён бўлади. Рихси Иброҳимованинг театр санъатида тутган ўрни ҳам шулар билан белгиланади, қадрланади. Рихси Иброҳимова маънавий маданияти етук, драматик образларни қиёмига етказиб, катта жозиба билан ўйнайдиган, қамрови катта драматик актриса. Ахир, Гули, Феруза, Жамила, Офелия, Эмилия, Корделия каби ҳар томонлама мураккаб фожиали образларни тўлақонли равишда меъёрига етказиб ижро этиш ҳар қандай актрисага ҳам насиб этавермайди.
        Бу шараф ва бахт Рихси Иброҳимовага насиб этди. Актриса Мустақиллик йилларида Меҳри ая (О.Ёқубов, "Бир кошона сирлари", Биби Салима ( Э.Хушвақтов, "Машраб"), Ҳури ая (Ҳ.Расул, "Боши қотган ошиқлар") каби образларни яратди. Pиxcи Иброҳимова ижоди сермазмун ва кўп қирралидир. У 1940 йилдан бери Ўзбекистон радиосида фаол қатнашиб, бир неча эшиттиришларни олиб бормоқда.
        Актриса 1950 — 1975 йилларда Ўзбекистон халқ артисти Сурат Пўлатов билан "Ёшлик", "Табассум" радиожурналларини олиб борди, ўзи мустақил равишда "Дугоналар" радиоэшиттиришида бошловчилик қилди. "Тилла узук", "Она қалби", "Гулшан", "Солдат беваси", "Наъматак", "Калашников ҳақида қисса", "Орзу чашмаси", "Бегона", "Кампирлар сим қоқди", "Уни Фарҳод дер эдилар" каби радиопостановкаларда бош ролларни ижро этди. Рихси Иброҳимова телевидениеда узоқ йиллар "Оталар сўзи — ақлнинг кўзи" кўрсатувида ҳам қатнашди. "Қизлар", "Жафо қилма", "Қаҳвахона гули", (С.Аҳмад) Гирдоб (Ў.Ўсмонов), "Навоий", "Диёнат", "Жалолиддин Мангуберди", "Ўзганинг онаси", "Кеча ва кундуз", "Бобур", "Дунёнинг ишлари", "Вафодор", "Фарғона тонг отгунча", "Hyp қидириб" каби телевизион спектаклларда асосий ролларни ўйнади. Рихси Иброҳимова кино санъатида ҳам самарали меҳнат қилди. Етти юздан ортиқ бадиий фильмларнинг дубляжида фаол қатнашди, қатор бадиий фильмларда суратга тушди. Ойхон (Ҳ.Ахмар, "Интеграл", 1967), Шум боланинг онаси (Д.Салимов, "Шум бола", 1968), Бўстон (М.Абзалов, "Келинлар қўзғолони", 1985), Қайнона (Э.Эшмуҳамедов, "Фалажлик", 1989), судья (Ф.Ҳайдаров, "Чантра Мори",1990), Рихсихон ая (М.Муҳимов, "Сени излаб", 1990), Она (Ф.Мусажонов, МАбзалов, "Сени кутаман", 1990), Хосият (Ю.Розиқов, "Ёнаётган фаришта", 1991), Кампир (С.Эргашев, "Юзсиз", 1992), Отин ойи (Ф.Ҳайдаров, "Гуноҳ", 1993), Кампир (А.Қосимов, "Нозигим", 1992, телефильм) каби образлар актрисанинг кинодаги улкан меҳнати самарасидир.
        Рихси Иброҳимова фақат актёрлик фаолияти билан машғул бўлмасдан, ҳозирги замон театр санъатининг муҳим ва долзарб амалий муаммолари ҳақидаги мақолалари билан вақтли матбуотда қатнашиб туради. У радио, телевидениеда ташкил қилинадиган ижодий мулоқотларда ўз фикр-мулоҳазалари билан чиқади. Телевидение орқали бериладиган "Ўзбекистон санъати усталари" эшиттиришида ҳам фаол иштирок этади. Бир сўз билан айтганда, ижодий жараёндан у ҳеч вақт четда турмаган. Рихси Иброҳимова— яхши жамоатчи. У 60—70 йилларда Халқ депутатлари туман кенгаши ноиби бўлган. У Театр ижодкорлари уюшмаси ва унинг бадиий кенгаши аъзоси, шаҳар хотин-қизлар кенгашининг бюро аъзосидир. Рихси Иброҳимовага 1979 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. У 1997 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди.