TEATR
» » Дилбар Икромова
» » Дилбар Икромова

    Дилбар Икромова


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

     Театр ва кино актрисаси Дилбар Икромова 1947 йилда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. 1970 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассом¬лик санъати институти (ҳозирги М.Уйғур номидаги Санъат институти)нинг «Театр ва кино актёри» факультетани тугатган. Д.Икромова талабалик йилларидаёқ Ҳамза номли театрда саҳналаштирилган «Бой ила хизматчи» спектаклидаги Мастон ролини ижро этади. Бу ролни қойилмақом қилиб ўйнаган ёш актрисанинг иқтидорини сезган машҳур режиссёр Тўла Хўжаев Д.Икромовани ўқишни битириши билан театрга ишга таклиф қилади. Дастлабки ижросининг муваффақиятли чиқишидан руҳланган ёш актриса ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳнага қўйилган спектаклларда бирин-кетин Зубаржат (М.Карим, «Ой тутилган тунда»), Озода (И.Султон, «Имон»), Роллер (Шекспир, «Қароқчилар»), Фекла Ивановна (Н.Гоголь, «Уйланиш»), Дилором (Э.Воҳидов, «Олтин девор»), Рисолат (С.Аҳмад, «Уфқ»), Нигора (С.Аҳмад, «Келин¬лар қўзғалони»), Она (А.Қодирий, «Меҳробдан чаён»), ҳамшира (Ў.Умарбеков, «Қиёмат қарз»), Момо (Э.Хушвақтов, «Чимилдиқ»), Момо (Э.Хушвақтов, «Каллиқ ўйин») каби ролларни маромига етказиб ижро этиб, томошабинларнинг эътиборини қозонди. Театр санъатида ўз ижодий қиёфасига эга бўлиб, кўпчиликнинг назарига тушиши Д.Икромовани 80 йиллардан бош¬лаб кинога ҳам таклиф этишади. Киносценарист Эдуард Ако¬пов ёзувчи Сайд Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» комедияси асосида киносценарий ёзади. Ана шу сценарий асосида кинорежиссёр М.Абзалов 1984 йилда «Келинлар қўзғолони» бадиий фильмини суратга олиб, Сотти ролига Д.Икромова¬ни таклиф этади. Актриса Сотти ролини маромига етказиб ижро этади. Сўнгра у «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олинган фильмларда Телба аёл (З.Мусоқов, «Қалдирғоч»), Она (С.Назармуҳамедов, «Ёлғиз ёдгорим»), Она (С.Назармуҳамедов, «Чаёнгул»), Момо (М.Абзалов, «Чимилдиқ»), Полвон (М.Абзалов, «Қариб қуюлмаган»), Она (Мин Денг Хун, «Йиғлама, бари яхши») ҳамда Р.Муҳаммаджоновнинг «Ол¬тин девор», И.Эргашевнинг «Ўғриям одам», «Шариф ва Маъриф», «Катта жанжал» филъмларидаги ролларни муваффақиятли ижро этади. Ўзбекистон телевидениесида суратга олинган «Қутлуғ қон», «Баҳор қайтмайди», «Очилган қўриқ» ва бошқа видеофильмларда яратилган ҳаётий образлар, республика радиосида тайёрланган радиоспектакль, радиоинсценировкаларда ижро этилган роллар актрисанинг телевидение ва радиодаги кўп йиллик ижодининг маҳсулидир. Дилбар Икромованинг серқирра ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. У 2001 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлди.