TEATR
» » Тўти Юсупова
» » Тўти Юсупова

    Тўти Юсупова


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

        Тўти Юсупова 1936 йилда Самарқанд вилоятида таваллуд топган. 1957 йилдан театрда фаолият кўрсатади. 1970 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1993 йили "Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари билан мукофотланган. 2000 йили "Эл-юрт хурмати” ордени, 2014 йили "Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
        1957 йилдан ўз ижодини бошлаган Тўти Юсупова, то шу кунларга қадар самарали меҳнат қилиб, юзга яқин спектакль, телерадиоспектаклларда роллар ўйнади, ажойиб ўзбек аёллари, оналари образларини яратди. Актриса устозлари машҳур режиссёр А.Тинзбург, Тошхўжа Хўжаевлардан кўп нарса ўрганади, ўз устида тинмай изланади, ишлайди ва санъатда ўз ўрнини топади. Тўти Юсупова турли миллат аёлларининг характерларини, феъл-атворларини саҳнада катта жозиба, кучли истеъдод ва иқгидор билан ёрқин гавдалантирди. Луиза (Шиллер, "Макр ва муҳаббат"), Қорасоч (Уйғун, "Шубҳа"), Фусако (М.Каору, "Ўғирланган умр"), Убайда (Уйғун, "Қотил"), Хонзода (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Раҳима (Ў.Умарбеков, "Комиссия"), Фотима ("Шошма, қуёш"), Сотти (Саид Аҳмад, "Келинлар қўзғолони"), Нодира (Т.Тўла, "Нодирабегим"), Ҳафиза (А.Қахдор, "Шоҳи сўзана") ва бошқа образлар актрисанинг энг севимли роллари бўлиб, унинг ижодида алоҳида ўрин тутади.
        Тўти Юсупова бағритош, қахриқаттиқ, қаттиққўл, сатанг аёлларни ҳам, сахий, меҳрибон ва муштипар аёллар ҳамда оналарни ҳам усталик, катта эҳтирос билан гавдалантирувчи актрисадир. Тўти Юсуповани кенг жамоатчиликка жуда яқиндан танитган образ бу "Келинлар қўзғолони" комедиясидаги Сотти образидир. Актриса Сотти характеридаги чақимчилик, иккиюзламачилик ва Фармонбибига садоқат каби хусусиятларни ниҳоятда моҳирлик билан кўрсата олган.
        Тўти Юсупова ижоди радио ва телевидение билан ҳам узвий боғлиқцир. У О.Ёқубовнинг "Муқаддас", А.С.Пушкиннинг "Дубровский", А.Мухторнинг "Самандар", Ў.Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари", С.Зуннунованинг "Қора кўзлар", "Руҳ билан суҳбат" каби асарлари асосида тайёрланган радиоспектаклларда, "Театр микрофон олдида" эшиттиришларида ўнлаб роллар ижро этди.
        Телевидениеда эса қатор телеспектакль ва видеофильмларда ўзбек аёллари, оналари образларини яратди. Онахон (А.Мухтор, "Опа-сингиллар"), Рисолат (С.Аҳмад, "Уфқ"), Салима (О.Ёқубов, "Диёнат"), Раҳбар (Ҳ.Султонов, "Мозийдан бир саҳифа"), Она (З.Мусоқов, "Аёл зоти"), Эна ("Тоғлик куёв") ва бошқалар актрисанинг телевидениедаги ижодининг маҳсулидир.
        Тўти Юсупованинг кенг маданий жамоатчиликка танилишида телевидениенинг роли катта бўлди. Бу ҳақда унинг ўзи, "Оталар сўзи—аклнинг кўзи" кўрсатуви мени ўзбек хонадонига олиб кирди",—дейди. Тўти Юсупова кинода ҳам қатнашиб "Тўланган қарз"да Зеби, "Қора мушук"да Салима, "Абдуллажон"да Холида, "Ипак дарахти"да Тўти, "Сени излаб"да Она, "Ойижон"да Бувижон, "Дилхирож"да Момо ролларини ижро этди. "Ўзбекфильм" да юздан ортиқ бадиий фильмларга овоз берди.