TEATR
» » РУСТАМ ХАМИДОВ
» » РУСТАМ ХАМИДОВ

    РУСТАМ ХАМИДОВ


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ 

        Театр режиссёри Рустам Ҳамидов 1949 йилда Тошкентда туғилган. 1972 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1972—1973 йилларда ҳарбий хизматда бўлади.
        Рустам Ҳамидов Ҳамза номли Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)да режиссёр ва бош режиссёр (1973—1993) Тошкент шаҳар байрамлар ва оммавий спорт тадбирларини ўтказиш дирекцияси бошлиғи (1993—1996) лавозимларида хизмат қилди.
        1996 йилдан Тошкент шаҳар ҳокими маҳкамасининг маданият ишлари бош бошқармасининг бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатмоқда.
        Рустам Ҳамидов Ҳамза театридаги фаолияти мобайнида "Чақмоқ" (Иброҳим Раҳим), "Кўрмайин босдим тиконни" (Иззат Султон), "Пўртана" (Анатолий Сафронов), "Оловни ташлама, Прометей" (Мустай Карим), "Нискауори аёллари" (Хелла Вуалиоки), "Шошма, қуёш" (Ўлмас Умарбеков), "Ғийбат" (Афанасий Салинский), "Ўғрини қароқчи урди" (Шукрулло), "Куёв" (Саид Аҳмад), "Кориолан" (Шекспир), "Кузнинг биринчи куни" (Ўлмас Умарбеков), "Ўз аризасига кўра" (Ўлмас Умарбеков), "Қиёмат қарз" (Ўлмас Умарбеков), "Алла" (Олтиншаш Жаганова) каби спектаклларни саҳналаштирди.
        Шунингдек, у Будапештда Радзинскийнинг "Хизмат романи", Андижонда Виктор Гюгонинг "Қиролнинг дил хуши", Чимкентда "Ўғрини қароқчи урди" спектаклларини муваффақиятли равишда саҳнага қўйди. Р.Ҳамидов саҳналаштирган спектакллар маданий жамоатчилик томонидан яхши қабул қилиниб, матбуотда ижобий баҳоланди.
        Рустам Ҳамидов 1990—1991 йиллардан 2001 йилга қадар ўтказилган "Наврўз", "Мустақиллик" умумхалқ байрамларининг бадиий раҳбари, бош режиссёри ва сценарий муаллифи сифатида фаоллик кўрсатди.
        У Хиванинг 2500 йиллигига бағишланган театрлаштирилган дастурга, Урганчда Жалолиддин Мангуберди, Фарғонада Ал-Фарғоний, Термизда "Алпомиш" достонининг юбилейларига бағишланган байрам томошаларига бош режиссёрлик қилди.
        Жиззахда бўлиб ўтган "Наврўз", "Мустақиллик" байрамларида бадиий раҳбар бўлди. Тошкент шаҳрида оммавий спорт тадбирларини ўтказишда ҳам фаол қатнашди. Мустақилликка эришганимиздан кейин Ўзбекистонда ўтказилаётган улкан байрам тантаналарининг мазмунли ва чиройли ўтишида Рустам Ҳамидовнинг хизматлари катта бўлди.
        Рустам Ҳамидов ижодий, ташкилий ишларни таълим-тарбия ишлари билан узвий равишда олиб бориб, бир неча йиллар Тошкент санъат ва маданият институтларининг режиссура факультетларида курс раҳбари бўлди.
        Рустам Ҳамидовнинг ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. У "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби" (1985), "Ўзбекистон Республикаси халқ артисти" (1992) фахрий унвонлари билан тақдирланди. Республика Давлат мукофотига (1989) сазовор бўлди. "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланди.