TEATR
» » МУЗАФФАР МУХАМЕДОВ
» » МУЗАФФАР МУХАМЕДОВ

    МУЗАФФАР МУХАМЕДОВ


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

    (1902-1995)

    Ўзбек миллий театрининг ташкилотчиларидан бири, истеъдодли режиссёр Музаффар Муҳамедов 1902 йилда Тошкентда туғилди. Меҳнат фаолиятини 1918 йилда Тошкентда, Ҳамза раҳбарлигидаги "Турк кучи" труппасида актёр сифатида бошлайди. 1919—1924 йилларда ўзбек намуна драма труппа¬сида актёр бўлиб ишлайди. М.Муҳамедов 1924—1927 йил¬ларда Москва Ўзбек драма студиясида ўқийди. Ўқишни тугатгач, 1928—1930 йилларда Андижон театрида бош режиссёр, 1930—1939 йилларда ўзбек давлат мусикали драма театри, 1939— 1943 ва 1950 йилларда Алишер Навоий номидаги Опера ва балет театри режиссёри, 1943—1950 йилларда Муқимий но¬мидаги мусиқали драма ва комедия театрининг бош режиссёри бўлиб қизғин ижод қилди. Фаолияти мобайнида ўнлаб драматик, мусиқали драма ва опера асарларини муваффақиятли равишда саҳналаштириб, ўзбек театр санъатининг ривожига катта ҳисса қўшди. У саҳналаштирган Т.Аминовнинг "Зафар", С.Ҳусайннинг "Ғалаба", Фитратнинг "Арслон", К.Гоццининг "Маликаи Турандот" драмалари, К.Яшин ва Глиэрнинг "Гулсара", К.Яшин ва Т.Жалиловнинг "Лайли ва Мажнун", Ғ.Зафарийнинг "Ҳалима", С.Абдулла, Т.Жалилов, Б.Бровциннинг "Тоҳир ва Зуҳра", З.Фатхуллин ва Д.Зокировнинг "Ғунчалар", С.Абдулла, Т.Жалилов, Б.Надеждиннинг "Алпомиш" мусиқали драмалари, Р.Глиэр ва Т.Содиқовнинг "Гулсара", "Лайли ва Мажнун", С.Василенко ва М.Ашрафийнинг "Улуғ канал", Р.Ҳамроевнинг "Зулматдан зиё", С.Бобоевнинг "Ҳамза" каби опера асарларининг кўпчилиги ўзбек театр санъати¬нинг олтин ҳазинасидан муносиб ўрин эгаллади. М.Муҳамедов драматург сифатида ҳам фаолият кўрсатиб, К.Яшин билан ижодий ҳамкорликда 1932 йилда "Ичкарида" пьесасини, "Гулсара" (1948), "Дилором" (1958), С.Абдулла билан ҳамкорликда "Майсаранинг иши" (1956) опера-либреттоларини ёзди. Ўзбек театр санъатининг улкан ташкилотчиларидан бири, талантли режиссёр М.Муҳамедовнинг хизматлари муносиб тақдирланди. 1937 йилда унга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби", 1959 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" унвонлари берилди. Музаффар Муҳамедов 1995 йилда Тошкентда вафот этди. Музаффар Муҳамедов моҳир режиссёр, ўзбек театр санъатининг ташкилотчиларидан бири сифатида маданиятимиз тарихида ўчмас из қолдирди.