TEATR
» » МАННОН УЙҒУР
» » МАННОН УЙҒУР

    МАННОН УЙҒУР


    ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ 
    (1897-1955)

     Таниқли ўзбек театр санъати арбоби, машҳур режиссёр Маннон Уйғур (Абдуманнон Мажидов) 1897 йилда Тошкентда таваллуд топган. М.Уйғур 1909—1914 йилларда Тошкентдаги янги услуб мактабида, Аҳмад Хўжа мадрасасида таълим олади. У саҳнадаги фаолиятини 1916 йилда Турон труппасида актёр сифатида бошлайди. 1918 йилда М.Уйғурнинг ташаббуси ва ҳаракати билан Давлат театри ташкил топади. Унга Обид Жалилов, Сайфи қори Олимов, Аброр Ҳидоятов каби ёшлар жалб этилади. Театр ишларини яхши йўлга қўйиш учун М.Уйғур ҳам режиссёр, ҳам драматург, ҳам актёр сифатида ғайрат кўрсатиб меҳнат қилади. "Туркистон табиби" асарини ёзиб, саҳнага қўяди ва ўзи бош ролни ижро этади. Ўша йилларда М.Уйғур ижодида актёрлик фаолияти етакчи ўринда эди. У ўзи ёзган "Фаний уй", "Ўн икки соатлик ҳокимият" асарларида ўғри, Жўра ролларини, ҳамда Кал (Ғ.Зафарий,"Ёрқиной"), Муслим ("Ҳалима"), Маҳмудхон (Ҳамза, "Заҳарли ҳаёт"), Ғофур ("Бой ила хизматчи"), Альтоум (К.Гоцци, "Маликаи Турандот"), Миллер (Ф.Шиллер, "Макр ва муҳаббат"), Карл Моор ("Қароқчилар") образларини яратиб, юксак ижрочилик маҳоратини намойиш этади. М.Уйғур театр режиссурасида ўз кучини синаб кўриб, 1919—1920 йилларда"Бой ила хизматчи", "Заҳарли ҳаёт", "Туҳматчилар жазоси" ва бошқа асарларни саҳнага қўяди. Лекин қилаётган ишларидан унинг кўнгли ҳар доим ҳам тўлавермас эди. Чиндан ҳам ҳақиқий режиссёр бўлиш учун чуқур билим ва малака зарурлигини сезиб, уни ўқишга юборишларини илтимос қилади. М.Уйғур 1924-1927 йилларда Москвада ўзбек драма студиясида ўқиб, К.Станиславскийнинг илғор саҳна услуби, Е.Вахтангов режиссураси билан назарий ва амалий жиҳатдан танишади. Ўқишдан қайтгач М.Уйғур У.Ҳожибековнинг "Аршин мол олан", Хуршиднинг "Лайли ва Мажнун", "Фарҳод ва Ши¬рин" асарларини саҳналаштиради. Бу спектакллар ўз вақтида ўзбек мусиқали драма жанрининг ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Сўнгра устоз санъаткор жаҳон ва рус классик драматургиясининг "Ҳамлет", "Отелло", "Ревизор" каби нодир дурдоналарига мурожаат қилиб, уларни муваффақиятли равишда саҳналаштиради. М.Уйғур режиссурасининг шуҳрати мамлакатимиз ташқарисида ҳам эътироф этилди, таҳсинларга сазовор бўлди. "Мен ўшанда жуда кўп спектаклларда Оғага ёрдамчи режиссёр бўлиб ишлаганман, — деб ҳикоя қилади Зикир Муҳаммаджонов. — Аммо "Отелло" спектакли устидаги иш жараёнида Ғафур Ғулом билан биргаликда ҳар бир сўз товланишига эътибор қаратганларини алоҳида қайд қилмоқчиман. Оға бу спектаклда Отелло образини рашк қурбони эмас, балки инсоннинг энг олижаноб фазилатларидан бўлган ишонч қурбони сифатида талқин қилган эди. Бу спектаклнинг қандай довруқ қозонгани барчага маълум". Уруш йилларида М.Уйғур К.Яшиннинг "Ўлим босқинчиларга", М.Шайхзоданинг "Жалолиддин Мангуберди", Михоэлс билан ҳамкорликда Ҳ.Олимжоннинг "Муқанна" асар¬ларини саҳналаштириб, қаҳрамонлик, ватанпарварлик, душманга нафрат ғояларини тараннум этади. 1945 йилда М.Уйғур саҳналаштирган Уйғун ва Иззат Султоннинг "Алишер Навоий" асари ўзбек саҳнасининг шоҳ спектаклларидан бири бўлиб қолди. Ярим асрдан бери саҳнадан тушмай келаётган бу клас¬сик асар ҳамон томошабинларнинг назаридан қолмай, халқимизнинг маънавий оламини бойитмоқда. М.Уйғур актёр, режиссёр сифатида эмас, балки драма¬тург, таржимон сифатида ҳам самарали меҳнат қилди. У "Туркистон табиби", "Ўн икки соатлик ҳокимият", "Фаний уй" пьесаларини ёзди. Мольернинг "Хасис", М.Урдибодунинг "Андалуснинг сўнгги кунлари ", У.Ҳожибековнинг "На қонур, на қондирур", В.Мясницкийнинг "Мен ўлмишам" пьесала¬рини рус, озарбайжон тилларидан ўзбек тилига таржима қилди. Бухоро, Чоржўй, Карки ва бошқа шаҳарларда драма труппаларини тузди. Ишчи ёшлар театрига бошчилик қилди. Республикамиз учун миллий режиссёр кадрлар тайёрлади. Кўплаб истеъдодли санъаткорларни тарбиялаб вояга етказди. Аброр Ҳидоятов, Обид Жалилов, Е.Бобожонов, Шариф Қаюмов, Сайфи қори Олимов, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев каби ўзбек маданиятининг улкан арбоблари М.Уйғурнинг шогирдларидир. Улар устоз санъаткор бошлаган хайрли ишни шараф билан давом эттирдилар. Ҳамза номли театрнинг номини, шуҳратини юксакликка кўтардилар. Зикир Муҳаммаджоновнинг хотирлашича, Маннон Уйғур фақат актёр, режиссёр, театр ташкилотчиси бўлиб қолмай, одамларга ниҳоятда ғамхўр, меҳрибон, қўлидан келса, ҳеч кимдан мададини аямайдиган инсон экан. Маннон Уйғурнинг серқирра ва сермазмун ижоди муносиб тақдирланди. 1932 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" унвони берилди. "Алишер Навоий" спектаклини саҳнага қўйгани учун у 1949 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўзбек театр санъатининг асосчиларидан бири Маннон Уйғур 1955 йилда Тошкентда вафот этди. Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри, Тошкентдаги марказий кўчаларнинг бири унинг номи билан аталади. Мустақиллик йилларида Тошкент Давлат санъат институтига Маннон Уйғур номи берилди. Маннон Уйғур "Ҳамлет", "Отелло" ва "Алишер Навоий" спектаклларининг саҳналаштирувчи режиссёри сифатида жаҳон санъати тарихида ўз ўрнига эга бўлди. Бетакрор истеъдоди ва ўлмас ижодий мероси билан ўзбек миллий маданиятининг ривожига беқиёс ҳисса қўшганлиги, бутун ҳаётини эл-юрт тараққиёти, халқимиз маънавиятининг юксалишига бахш этганлиги учун у 2001 йилда "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланди.