TEATR
» » МИЛЛИЙ ТЕАТРНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ ВА ШАКЛЛАНИШИ (1914–1929 йиллар)
» » МИЛЛИЙ ТЕАТРНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ ВА ШАКЛЛАНИШИ (1914–1929 йиллар)

    МИЛЛИЙ ТЕАТРНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ ВА ШАКЛЛАНИШИ (1914–1929 йиллар)


        Ўзбекистон ҳудудида биринчи профессионал театр жамоаси 1913 йилнинг ўрталарида Тошкент шаҳрида шаклланиб, 1914 йилнинг бошларида илк миллий пьеса – томошани саҳнага қўйган ва шу тариқа расман фаолият бошлаган ва дастлаб "труппа” деб аталган. "Труппа” асли театр ва цирк йўналишидаги ижодий жамоа маъносини англатадиган сўз бўлиб, Россияда театр гуруҳлари "театральные труппы” деб аталар эди. Туркистон ХХ аср бошларида Чор Россиясининг мустамлакаси бўлгани учун театр соҳасида ҳам империянинг ҳукмрон ақидаларига бўйсунишга тўғри келар, айниқса, театрдек йирик маданий муассасани расмий рўйхатдан ўтказиш, унинг фаолияти учун рухсат олишда шундай йўл тутиш талаб қилинар эди. Ана шу тарихий воқеаларнинг бевосита иштирок-чиси, ташкилотчиси бўлган атоқли педагог, адиб ва драматург Абдулла Авлоний "Таржимаи ҳол”ида бу ҳақда қуйидаги маълумотларни ёзиб қолдирган: "1913 йилдан бошлаб халқнинг кўзин очмоқ, маданиятга яқинлаштирмоқ учун театруга киришиб, театру ишларини йўлга қўювчиларнинг бошлуғу бўлуб, Туркистоннинг бир неча шаҳар-ларига бориб ўзбеклар орасида театруга йўл очдим... "Турон” исмли театральний блағотворительный жамиятни юзага чиқардим”. Таъкидлаш керакки, ўша даврга оид бошқа ҳужжат ва далиллар ҳам 1913 йилда ҳаваскорлар гуруҳи шаклида иш бошлаган бу ижодий жамоа 1914 йилдан эътиборан "Турон” труппаси номини олиб, профессионал асосда фаолият кўрсата бошлаганидан гувоҳлик беради.

        Мазкур труппа 1913 йилнинг июнь-июль ойларида норасмий равишда спектакллар кўрсатишни бошлайди. Ижодий гуруҳнинг ташкилий ва тарғибот ишларида Тошкент маърифатпарварларининг етакчисиМунаввар қориАбдурашидхонов фаол иштирок этади. Труппанинг илк спектакли 1913 йили 8 августда Шайх Хованд Тоҳур боғида "Томоша кечаси” сифатида ўтказилади. Қайд этиш керакки, ўша пайтда Туркистон ўлкасининг бошқа биронта шаҳрида миллий театр жамоаси йўқ эди. Самарқанд шаҳрида ҳафтасига бир марта нашр этиладиган "Ойина” журналининг 1913 йил 14 ноябрь сонида "Падаркуш” театр рисоласи чоп этилгани ҳақида маълумот берилиб, бу асарни саҳнага қўйиш учун муаллифдан рухсат олинганига қарамасдан, у ҳануз ўйналмай тургани айтилади.

        Тошкентда 1913 йилнинг декабрь ойидан бошлаб "Падаркуш”ни саҳналаштириш учун ҳозирлик ишлари бошланади. Бу жараёнда янги усул мактаблари муаллимлари фаол иштирок этишади. Чунончи, Абдулла Авлоний, Муҳаммаджон қори, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби маърифатпарварлар бу борада жонбозлик кўрсатадилар. Тошкентлик ҳаваскорлар тайёрлаган спектаклга Муҳаммадёров деган татар зиёлиси режиссёрлик қила бошлайди. Лекин тайёргарлик ишлари суст бўлиб, драмани саҳнага қўйиш чўзилиб кетади. Ана шу пайтда, 1914 йилнинг бошларида Самарқанддан Алиасқар Асқаров Тошкентга келиб, ҳаваскорлар билан танишади ва режиссёрлик вазифаси унга топширилади. Шу тариқа тайёргарлик ишлари тез орада ниҳояланиб, 1914 йилнинг февраль ойида "Падаркуш” пьесасини – озарбайжонча "Хўр-хўр” комедияси билан биргаликда – саҳнага қўйиш мўлжалланади.

        Ниҳоят, 27 февралда Тошкентнинг Янги шаҳар қисмида жойлашган "Колизей” театрининг бир минг юз кишилик томошахонасида кечки соат еттида Тошкент театр ҳаваскорлари расман спектакллар намойишини бошлайдилар. Шу муносабат билан чиқарилган маромнома – афишадан маълум бўлишича, театр кечаси уч қисмдан ташкил топган эди. Биринчи қисм – Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Падаркуш” пьесаси асосидаги спектакль намойиши. Иккинчи қисм – озарбайжон актёрларидан Алиасқар Асқаров, Гулузорхоним ва М.Шахбалов ижросидаги бир пардалик "Хўр-хўр” кулгу томошаси. Учинчи қисм "Миллий ўқиш ва жўрлар” деб номланган бўлиб, унда саккизта номердан иборат концерт кўрсатилиши назарда тутилган эди. Концертда Мулла Тўйчи ҳофиз, машҳур раққоса Қурбонхон, Мулла Аҳмаджон тўра каби санъаткорларнинг қатнашиши, Абдулла Авлоний қаламига мансуб "Туркистон фарёди” ва "Тўй” номли манзумалар жўрликда ижро этилиши маълум қилинган эди. Маромнома сўнгида кеча учун масъул мудир Абдулла Хўжа ўғли, режиссёр АлиасқарАсқаров экани қайд қилинган.

        Томоша аввалида саҳнагаМунаввар қори Абдурашидхонов чиқиб, бутун ижодий жамоани буюк маданий ҳодиса билан табриклайди. Ҳақиқатан ҳам, ўша куни бутун Туркистон тарихида илк бор европа мезонларига мос бўлган, айни пайтда миллий томоша анъаналарига асосланган профессионал театр санъатининг тамал тошиқўйилган эди.

        "Турон” труппаси 1915 йилдан бошлаб театр билан бирга шакллана бошлаган ўзбек драматургиясининг янги намуналарини мунтазам саҳналаштириб боради. Масалан, 1915–1916 йилларда Абдулла Қодирийнинг "Бахтсиз куёв”, Ҳожи Муъиннинг "Мазлума хотун” пьесалари труппа репертуаридан жой олади ва труппа илк қадамларидан бошлаб янгиликка, ҳамкорликка интилиб, профессионал жамоа сифатида шаклланишга, ижодий ўсишга, халқнинг маданий-маърифий савиясини кўтариш йўлида, ўта қийин бир шароитда, дадил ташаббуслар кўрсатишга ҳаракат қилади.

        "Турон” труппасининг негизини ташкил этган актёрлар қуйидагилар эди: Ҳасан қори, Эшонхўжа Хоний, Сами қори (Абдусаме Зиёбов), Абдулла Авлоний, Бадриддин Аъламов, Шораҳим домла Шоҳиноятов, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий, Қудратулла Махзум, Муҳаммадхон Пошшохўжаев, Башруллохон Хўжаев, Абдулазиз Хўжаев, Мусахон Мирзахонов, Умарқул Анорқулов, Фузаил Жонбоев, Салимхон Тиллахонов, Қудратулла Юнусий, Тўлаган Хўжамёров, Убайдулла қори Эрғозиев. Улар сафига 1916 йилдан бошлаб Сулаймон Хўжаев, Маннон Уйғур, Ғулом Зафарий қўшилган. Баъзи илмий манбаларда труппада Абдураҳмон Акбаров, Юсуф Алиев, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Мусо Азизов, Мирмулла Шермуҳаммедов, Муҳиддин Шарафиддинхўжаев ишлагани ҳақида ҳаммаълумотлар учрайди. Хуллас, "Турон” труппаси 1917 йилнинг суронли ҳодисаларига қадар салкам ўттиз кишидан иборат доимий актёрлар гуруҳи, Низомиддин Хўжаев, Абдулла Авлоний, Бадриддин Аъламов каби режиссёрлари, рўйхатга олинган низоми, миллий ва умумбашарий руҳдаги асарлардан ташкил топган репертуари, Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида ўзининг қишки ва ёзги саҳнаси, аниқмақсад ва вазифаларга эга бўлган профессионал театр труппаси эди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, у нафақат Тошкент ва Ўзбекистон ҳудудида, балки бутун Ўрта Осиёда европача театр маданияти ва анъаналарининг шаклланиши, ривожланиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди.

        Туркистон ўлкасида 1917 йили большевикларнинг ҳокимият тепасига келиши халқимиз ҳаётининг барча йўналишлари қатори театр маданияти ривожи учун ҳам катта ташвиш ва муаммоларни юзага келтирди. Бу воқеа эндигина пайдо бўла бошлаган миллий ўзбек театри тараққиётини амалда мутлақо бошқа ўзанга буриб юборди. 1917 йил воқеалари арафасида тарқалиб кетган "Турон” труппасининг Низомиддин Хўжаев, Ғулом Зафарий, Бадриддин Аъламов, Ғози Юнус, Шокиржон Раҳимий ва Қаюм Рамазон каби аъзолари Маннон Уйғур раҳбарлигида "Турон” театрини тиклаш, унинг маърифатпарварлик ва тараққийпарварлик анъаналарини давом эттиришга қарор қилишади. Аммо янги воқелик талабларига жавоб берадиган тўлақонли саҳна асарлари ҳали пайдо бўлмаган эди. Шу сабабли "Турон” театрида 1918 йилнинг март ойидан 1919 йилнинг сентябрь ойига қадар саҳналаштирилган 16 та пьесадан 15 тасини бир пардали асарлар ташкил этади. Бу асарлар орасида шоир ва бастакор Ғ.Зафарийнинг "Тилак”, "Ёмон ўғил”, "Раҳимли шогирд” сингари мусиқали пьесалари ҳам бор эди.

        Улар 20-йилларда, бир томондан, ўзбек болалар драматургияси, иккинчи томондан эса, миллий мусиқали драма театри шаклланиши учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

        1920 йилнинг март ойида Маннон Уйғур раҳбарлик қилган Карл Маркс труппаси "Тараққий” ҳаваскорлар тўгараги билан бирлашганидан сўнг Ўлка давлат намуна труппаси юзага келади. Уйғур раҳбарлик қилган бу труппага татар театр арбоби Камол Биринчи режиссёр сифатида таклиф этилади. Е.Бобожонов, М.Қориева, О.Жалилов, С.Олимов, М.Муҳамедов, А.Ардобус (Иброҳимов), Ш.Нажмиддинов эса труппанинг ижодий ўзагини ташкил этади. Труппа 1925 йилда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Самарқандга кўчиб боргунига қадар халқ ва мамлакат ҳаётига яқинлашишни, кенг халқ оммасини ҳаяжонлантирган долзарб ҳаётий муаммоларга мурожаат этишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. 1920 йил 26 мартда намойиш қилинган Ҳамзанинг "Заҳарли ҳаёт” драмаси, Ғ.Зафарийнинг "Ҳалима” мусиқали драмаси оз борада муҳим аҳамият касб этди. Орадан икки йил ўтгач, 1924 йил 20 июнда Алишер Навоийнинг "Фарҳод ва Ширин” (Хуршид инсценировкаси), 15 декабрда эса Фузулийнинг "Лайли ва Мажнун” (Узеир Ҳожибеков инсценировкаси ва мусиқаси) достонлари асосида мусиқали спектакллар тайёрланиб, намойиш қилинади.

        1920 йилнинг баҳорида Ўлка ўзбек давлат намуна труппаси ташкил этилганидан сўнг унга Тошкентнинг Янги шаҳар қисмидаги 600 кишилик "Халқ уйи” биноси берилади ва Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон театр директори этиб тайинланади. 1914 йилдан бошлаб драматургияда ҳам қалам тебрата бошлаган Чўлпон 20-йилларнинг аввалида "Ёрқиной” ва "Халил фаранг” пьесаларини ёзади. "Ёрқиной” 1920 йил 24 ноябрда, "Халил фаранг” эса 1921 йил 2 февралда театр саҳнасида намойиш этилади.Умуман, театр фаолияти, унингижодий камолатида Чўлпон алоҳида ўрин тутади.

        1921–1924 йилларда театр репертуарида фақат Ҳамзанинг "Иффат қурбони”, Фитратнинг "Або Муслим”, Хуршиднинг "Фарҳод ва Ширин” асарлари бўлгани туфайли таржима асарларни кўпроқ саҳналаштиришга тўғри келади. Чунончи, озарбайжон драматурги Ҳусайн Жовиднинг "Иблис”, "Шайх Санъон” ва"Морал” асарлари шундай асарлар сирасидан эди. 1924 йилнинг ноябрь ойида Маннон Уйғурнинг саъй-ҳаракати билан Москвада Ўзбек драма студияси ташкил этилади. Тошкентдан борган Ўзбек давлат намуна труппаси аъзолари студияда илк бор театр санъати назарияси ва амалиёти билан таниша бошлайди. Кейинчалик М.Уйғур, Е.Бобожонов, А.Ҳидоятов, Ҳожи Сиддиқ, М.Муҳамедов сингари "намуна”чилар сафига Тошкентдан Т.Саидазимова, С.Эшонтўраева, З.Ҳидоятова, Бухородан Л.Нарзуллаев, Ҳ.Латипов, С.Табибуллаев, Ш.Қаюмов, Қўқондан Б.Эрмаматова, Андижондан И.Каримов ва бошқалар келиб қўшилади. Студияда ўзбекистонлик тингловчиларга актёрлик маҳорати, режиссура ва бошқа ихтисосликлардан Р.Симонов, И.Толчанов, В.Канцель, О.Басов, Л.Свердлин сингари рус театрининг йирик намояндалари сабоқ беради.

        Орадан бир йил ўтгач, 1925 йилда бир гуруҳ санъаткор ёшлар Бокудаги Озарбайжон давлат театри техникумига ўқишга юборилади. 1927 йил ёзида Москва ва Боку студияларининг тингловчилари таҳсилни тугатиб, она диёримизга қайтиб келишади. Бу эса вақтинча фаолиятини тўхтатган Ўлка давлат намуна труппасининг қайта тикланиши ва Ўзбек драма труппасининг ташкил этилишига имкон яратади.

        Мазкур труппа томонидан 1927 йил 31 октябрда "Маликаи Турондот” спектаклининг Вахтангов театри анъаналари асосида тайёрланган Р.Симонов талқини томошабинларга тақдим этилади.

        Орадан бир йил ўтгач, 1928 йил 30 октябрда Маннон Уйғур уни янада такомиллаштирган ҳолда саҳнага қўяди. Ўша йилларда Чўлпоннинг "Ёрқиной”, Фитратнинг "Арслон”, В.Ян ва Чўлпоннинг "Ҳужум”каби санъат талабларига бирмунча жавоб берадиган пьесалари намойиш қилинади.